Қорақалпоғистонлик “Мард ўғлон” Кореядан иккита олтин медаль олиб қайтди

6.07.2018   - 351


Мен бу мукофотни олганлигимни Кореяда юриб эшитдим, - дейди И.Мамбетназаров. – Отам қўнғироқ қилди. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан ёшлар учун таъсис этилган “Мард ўғлон” мукофотига сазовор бўлганимни тўлқинланиб етказди. Аввалида, ўз қўлоқларимга ишонмадим. Бу хабар шижоатимга янада куч қўшди. Шу пайт Осиё кубоги учун ўтказилган мусобақада 4 ва 8 кишилик академик эшкак эшиш спорт тури бўйича иккита олтин медальни қўлга киритдик.

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, самарали меҳнати билан мамлакатимизнинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш сифатида юксак мукофотга сазовор бўлган қорақалпоғистонлик спортчи ёш бўлишига қарамасдан кўплаб ютуқларни қўлга киритган. У 2012 йил “Ўзбекистон спорт устаси”, 2016 йилда эса “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонларига сазовор бўлган.

    Эндигина 23 ёшини тўлдираётган Исламбек отаси Мурат Мамбетназаровга шогирд тушиб, 2008 йилдан бошлаб академик эшкак эшиш спорт тури билан шуғуллана бошлаган ва кейин тажрибали мураббий Баҳодир Давлетияровдан эшкак эшиш сирларини ўрганган.

    У 2013 йили Самарқанд вилоятида ўтказилган Осиё чемпионатида III ўринни эгаллаб, 2014 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё уйинларида иштирок этган. 2015 йилда Хитой мамлакатининг Пекин шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида III даражали диплом билан тақдирланган, бўлса 2016 йилда шу давлатнинг Жиашан шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида II даражали диплом билан тақдирланган.

    2017 йилда Москва шаҳрида ўтказилган «Катта Москва регатаси» халқаро турнирида I, II  даражали дипломларини қўлга киритган.

    • Уғлимнинг ютуғи барчамизни жуда қувонтирди, - дейди спортчининг отаси М.Мамбетназаров. – У кичкина пайтидан акалемик эшкак эшиш спорт турига меҳр қўйиб, ўз устида тинмай ишлади. Дастлаб Нукус Олимпия заҳиралари коллежи, сўнг Қорақалпоқ давлат университети жисмоний тарбия факультетида ўқиб юрган пайтлари ҳам амалиёт билан назарияни бирлаштириб, қатор ютуқларни қўлга киритди. Мен ҳам отаси ҳам биринчи устози сифатида уғлимнинг ушбу ютуқларини муносиб баҳолагани учун Давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорман.

    И.Мамбетназаров Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Республикаси миллий терма жамоа аъзоси. Бугунги кунда у ўзининг спорт фаолиятини Тошкент шаҳар “ROWING & CANOE” федерацияси уюшмасида давом эттирмоқда. Ҳозирда август ойида ўтказиладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.

    Унинг яна бир орзуси келгусида Олимпия ўйинларига иштирок этиб юртимиз байроғини баландларга кўтаришдир.

    Эслатиб ўтамиз, жорий йил “Ёшлар куни” арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарорига асосан фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганлар қаторидаги қорақалпоғистонлик икки совриндорга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилган эди.

     

     

    Е.Қаноатов, ЎзА

    Поделиться: