Нукусда ёшлар фестивали ўтказилди

  - 238


“Бағрикенг Ўзбекистон” ёшлар фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизда ёшлар ўртасида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган фестивалда унинг шаҳар-туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 5 йўналиш – иншо, шеърият, тасвирий ва фотосанъат ҳамда турли миллат ва элат вакилларининг миллий рақслари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. 

– Бугунги турли ахборот хуружлари авж олган кунда бундай тадбирлар, айниқса, ёшлар учун ғоят фойдали, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Бибижон Оролбоева. – Иштирокчилар тажриба алмашди, ўз билими ва истеъдодини намойиш этди. Турли миллатларнинг миллий либослари кўргазмаси, фольклор бадиий жамоаларининг чиқишлари ва бошқа дастурларда Ўзбекистонимизда барча миллат ва элатлар аҳил-иноқ яшаётгани, фидокорона меҳнати билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани намоён бўлди. 

Ҳар бир йўналиш бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган ёшлар фестивалнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. 

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Поделиться: